Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши адолат қалқони

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши адолат қалқони

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари: Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши адолат қалқони

Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 3 март куни имзоланган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилиш-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ-33-сонли Фармони суд ва тергов жараёнларида аёллар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишни назарда тутади.

Фармоннинг асосий мақсади никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш, ота-оналарнинг ўз вояга етмаган фарзандлари учун масъулиятини янада ошириш, молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш, шунингдек, бундай ҳолатга учраган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, оила ва хотин-қизлар масканларида никоҳланувчиларни «маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш» махсус курсларида бепул ўқитиш билан қамраб олиш даражасини 2026 йилда 50 фоизга, 2027 йилда 60 фоизга ва 2030 йилда 100 фоизга етказиш ҳамда ушбу курслар сифати ва таъсирчанлигини тубдан оширишдан иборат.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига (телефон, планшет ва бошқа қурилмалар) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи («SOS» чақирув) «my.ihma.uz» мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатиш тартиби жорий қилинади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — 2026 йил якунига қадар ҳар бир ҳудуддаги иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда камида 1 нафар терговчи ва судья халқаро стандартларга асосланган дастур асосида махсус тайёргарликдан ўтказилиши ҳамда улар томонидан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид ишлар тергов қилиниши ва кўрилишини таъминланади. Бунда қоида тариқасида махсус тайёргарликдан ўтказишда аёл терговчи ва судьяларга устуворлик берилишига эътибор қаратилади.

Мазкур ислоҳотлар аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантиради.

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жазо муқаррарлиги ва процессуал адолатнинг таъминланиши — бу давлатнинг кучли иродаси ифодасидир. Ушбу Фармон аёллар ва болаларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини мутлақо янги ва сифатли босқичга кўтарди. Адолат қарор топган жамиятдагина аёллар ва болалар ўзларини чин маънода бахтли ҳис этадилар.

Дилмурод Юсупов, Жиноят ишлари бўйича Гурлан  туман судининг тергов судьяси

17-03-2026, 10:54
Sahifaga qaytish